Янги 2022-2023 ўқув йили “Мустақиллик дарси” билан бошланди. Маърузани кафедрамизнинг фахрий устозлари профессор Ахмедова М.Д. ва доцент Магзумов Х.Б. олиб бордилар. Унда 1- ва 2-сон даволаш факультетларининг 5-курс талабалари, профессор-ўқитувчилар ва клиниканинг барча қизиқувчи ходимлари иштирок этишди.

Мустақиллик дарсини ўтган 31 йил ичида юртимизда эришилган ютуқларни эслашдан бошладик. Ушбу оз фурсат ичида давлатимиз нафақат ички, балки ташқи сиёсатда ҳам улкан ютуқларга эришди. Иқтидорли ёшларга кенг йўллар очилди. Давлат инфраструктурасида ҳам талайгина ўзгаришлар юзага келди. Жамият ялпи ички махсулотлари миқдори бир неча баробар ортди.

Юртимиз мустақиллиги ҳақида гапирар эканмиз ўзимиз ишлаётган кафедра тарихи ҳақида сўз очмасликни иложи йўқ. Бизни кафедрамиз узоқ ўтмишга эга. Унда кўплаб доцент, профессор ҳамда академиклар фаолият юритганлар. Улар олиб борган илмий изланишлар юқумли касалликлар фанини тубдан ўзгартирган десак ҳеч муболаға бўлмайди.

Бундай қизиқарли маърузадан сўнг талабалар қалбида улкан қизиқиш, фахр ва ғурур туйғулари уйғониб уларда кўплаб саволлар пайдо бўлди. Саволларга тажрибали устозлардан тўлақонли жавоб олганларидан сўнг Ватанпарварлик руҳида клиник дарсларни давом эттириш учун гуруҳларга бўлиниб ўз аудиторияларига кетдилар.