Кафедрамизда “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити”га бағишланган ахборот соати ўтказилди. Ахборот соатида кафедрамиз доцентлари т.ф.н. Ниязова Т.А. ва т.ф.н. Рахматуллаева Ш.Б.лар маъруза ўқидилар. Тадбирда даволаш факультети 5-курс, тиббий-профилактика факультети 4-курс талабалари, профессор-ўқитувчилар ҳамда клиниканинг барча қизиқувчи ҳодимлар иштирок этдилар.
Тадбирни мухтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг қуйидаги сўзлари билан бошладилар:
“Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган ўзига хос “тарихий эврилиш” палласига тўғри келди – бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда ҳамда башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланмоқда.
Дунёнинг турли нуқталарида давом этаётган қуролли можаролар савдо ва инвеститсия оқимларини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасидаги муаммоларини янада кескинлаштирмоқда”.
Дарҳақиқат, биз ҳозирги кунда жадал ривожланиб бораётган даврда яшамоқдамиз. Айнан бир даврнинг бошқа даврга ўтиш вақтида юзага келиши мумкин бўлган маънавий бўшлиқлардан эҳтиёт бўлиш, уларни олдини олишда ҳамкорлик фаолиятнинг аҳамияти ниҳоятда катта.
Мухтарам Президентимиз ўз нутқларида табиатимизда рўй бераётган глобал ўзгаришларнинг жамият ҳаётига таъсирини белгилаб, улар орасида медицина, ҳусусан юқумли касалликлар соҳаси ниҳоятда актуал эканлигини таъкидлаб ўтдилар:
“Шу билан бир қаторда, глобал иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислигининг ортиши, биохилма-хилликка путур етиши ҳамда хавфли юқумли касалликлар тарқалиши жамиятларимизнинг заиф томонларини янада яққолроқ кўрсатиб бермоқда. Бу муаммолар инсоният тақдирига бевосита дахлдор бўлган муштарак қадрият ва неъматларнинг емирилишига олиб келиб, одамлар ҳаёти ва фаолиятига таҳдид солмоқда, уларнинг даромад манбаларини қисқартирмоқда.
Бундай мураккаб шароитда бир хақиқат аниқ: ҳеч бир мамлакат ёлғиз ҳолда ушбу глобал хавф-хатарларни четлаб ўтиш ёки бартараф этишга қодир эмас.
Самарали халқаро ҳамкорлик – бу дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётнинг энг муҳим омилидир. Айнан шундай ёндашув замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ, мақбул ва самарали йўл ҳисобланади”.
Тадбирда устозларимиз талабаларга “Муваффақиятли минтақавий ҳамкорлик модели” ҳақида, Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислиги – бу юртимизнинг эришган катта ютуқларидан бири эканлигини, “Самарқанд руҳи” – ҳамкорлик, ўзаро англашув ва дўстлик ифодаси эканлигини тушунтириб бердилар.
Тадбир жуда қизиқарли ўтказилди ва барча қатнашчилар қалбида Ватанпарварлик руҳидаги кучли таассурот қолдирди.