Бугун ТТА Ректори профессор Туйчиев Лазиз Нодирович Даволаш ва Тиббий-педагогика факультети 5-курс талабаларига “Парентерал вирусли гепатитлар” мавзусида маъруза ўқидилар. Маъруза очиқ тарзда ўтилди, унда 5-курс талабалар, кафедра ходимлари ва қизиқувчи шифокорлар ҳам қатнашдилар.
Маърузани профессор талабаларнинг аввалги маърузадан олган билимларини суҳбат тарзида савол-жавоб қилишдан бошладилар. Сўнг янги мавзу энг сўнгги маълумотлар билан бойитилган ҳолда интерактив усулда олиб борилди. Маъруза эркин сухбат тарзида бўлиб, талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди ва саволларига тўлиқ жавоб олдилар.
Маъруза давомида келтирилаётган билимлар талабалар онгида яхши сақланиб қолиши мақсадида маъруза залига Вирусли гепатит билан оғриган бемор таклиф этилди ва врач-бемор ўртасидаги мулоқот реал вақтда, наъмунавий тарзда талабаларга кўрсатиб берилди. Шу вақтда талабалар ҳам бемор билан сухбатлашиб ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар. Маърузани бундай тарзда, тематик бемор иштирокида олиб бориш талабалар ўртасида кучли қизиқиш уйғотди.
Маъруза якунида Ректор талабалардан ўқитиш тизими, ҳусусан маърузаларни самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларини сўрадилар. Талаба-Ректор ўртасидаги ўзаро мулоқотни яқинлаштириш, унинг шаффофлиги ва эркинлигини тўлиқ таъминлаш мақсадида (+99890) 319-16-29 рақамига Телеграм ижтимоий тармоғи орқали уланиб ҳам Ректор билан мулоқот қилиш, эркин фикр алмашиш мумкинлигини айтиб ўтдилар.